Оқ уй маъмурияти президент Дональд Трампнинг иммиграция фармонини қайта тайёрламоқда. Ушбу фармон ҳозирги таҳрирининг ижроси апелляция суди қарорига мувофиқ, тақиқланган эди. Бу ҳақда NBC телеканали ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Оқ уйдаги манбаларга кўра, Трамп маъмурияти, шунингдек, фармоннинг тақиқланишини судда қайта кўриб чиқишга умид қилмоқда. Бироқ, шу билан бир вақтда, Оқ уй юристлари фармон матнини таҳрирлашмоқда. 

Президент маъмурияти фармон мазмуни сақлаб қолинишига ишонч билдирган. Унга кўра, аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган 7 мамлакат фуқаролари АҚШга киритилмайди. 

Бундан ташқари, АҚШ адлия вазирлиги президент Трампнинг иммиграция фармони ижросига ўрнатилган тақиқни тасдиқлаган апелляция суди қарорини ўрганиб чиқмоқда.