“Укроборонпром” концерни Украина қуролли кучларининг ҳаво кучлари учун янги ракета қуролини ишлаб чиқди. Бу ҳақда мамлакат президенти Пётр Порошенко шанба куни маълум қилди.

“Укроборонпром” Украина ҳарбий-ҳаво кучлари учун янги ракета қуролини ишлаб чиқди. 57 миллиметрлик калибрга эга ракеталар ер усти нишонларига зарба беришга мўлжалланган бўлиб, вертолёт ва самолётларни қуроллантириш мақсадида лойиҳалаштирилган", - дея ёзди Порошенко Facebook’да.

Унинг сўзларига кўра, синовлар давомида “20та ракетадан иборат блокни учириш учун атиги ярим сония талаб этилиши” маълум бўлган.

Мамлакат ҳукумати Украина армиясини қуроллантириш фонида бир неча бор НАТО стандартларига ўтилиши ва машқлар ўтказилиши ҳақида маълум қилган. Мудофаа вазирлиги вакили Дмитрий Гуцуляк 10 февраль куни Украина Херсон вилоятидаги “Ягорлик” полигонида “Бук-М1” зенит ракета мажмуаларидан жанговар машқлар ўтказишини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, алоҳида радиолокация взводлари ва Украина қуролли кучларининг ҳаво кучлари радиоэлектрон техника хизмати ҳар ойда шундай машқлар ўтказиб боради.