Аввал хабар берганимиздек, Kun.uz сайти ўзбек киносида ўзига хос йўналиш пайдо қила олган, уни жаҳон киноси даражасига олиб чиқиш учун илк қадамини ташлаган, истеъдодли ўзбек режиссёри Рустам Саъдиев билан видеосуҳбат ўтказган эди. Ушбу учрашув давомида турли мавзуларда суҳбатлашилди. 

Режиссёр Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳамкасблари ҳақида сўзлар экан, унинг айтишича, ўзбек режиссёрлари орасида энг яхшилари 20 нафарни ташкил этишини таъкидлаб ўтди.

“Ҳар бир ишни ўз мутахассиси бажариши лозим. Соҳага тааллуқли бўлмаган одам ўша ишга қўл урса, ривожланиш ўрнида, орқага кетиш кузатилади. Бу табиий ҳолат. Кино соҳасида ҳам ҳудди шундай. Санъатнинг бу йўналишида фаолият юритаётган профессионаллар ҳам йўқ эмас. Ҳамкасбларимдан Зулфиқор Мусоқов, Айюб Шаҳобиддинов, Ёлқин Тўйчиев, Мирмаҳсуд Охунов, ёшлардан Жаҳонгир Аҳмедов, Акбар Бектурдиев, Сарвар Каримовларни ана шундай кино мутахассислари сафига қўша оламан. Бундан ташқари, ўзбек киносининг тирик афсонаси бўлмиш Шуҳрат Аббосовни ҳам мазкур рўйхатга қўшмасдан бўлмайди”.

Рустам Саъдиев “тадбиркор киночилар”, деган жумлани суҳбат давомида айтиб ўтди. Бу атама табиийки ўз сабабига эга эди...

“Ўзбеккино” Миллий агентлигига бирор бир фильмни ишлаш учун унинг сценарийсини олиб боришади”, деди режиссёр. “Сценарий агентлик қошидаги махсус комиссиядан ўтмаса, бошқа йўлларини қидириб қолишади. Ёки тадбиркорнинг ҳуқуқи поймол бўлаяпти, деб жар солишади. Маҳсулот қандай шаклда бўлмасин, уни чиқаришдан олдин, албатта, яроқлилиги текширилади. Кино бу товар эмас, санъат. Идеологияга, инсон тафаккурига хизмат кўрсатувчи восита-ку... Мени ташвишлантираётган нарса, ана шундай йўллар билан катта бир аудияторияни захарлашаётганидир”.

Рустам Саъдиевнинг фикрича фильм суратга олиш учун айнан шу соҳа мутахассиси бўлиш лозим. 

“Тасаввур қилинг, Техника университетини битирган ҳам, Шарқшуносликни тугатган ҳам, шу соҳадан дарс олмагани ҳам кино олаверса нима бўлади? Давлат катта этиб Санъат институтини қуриб қўйибди. У ердаги Кино факультети алоҳида ишлаяпти. Шу даргоҳларни ўқиб чиқиш керакми? Тўғрисини айтганда кинодан профессионализм йироқлашди. Мисол учун: “Ака, мен бир тадбиркорман, кино олгандим”, деб келишади. “Қаерни битиргансиз?”. “Шу... пахтачилик институтини...”. Ҳайрон қоласан... нега киночилар тиббиётчилик билан шуғулланишмайди, нега одамларни даволаб кетаверишмайди?.. Чунки ҳар ким ўз ишини қилиши керак”.

Суҳбат давомида кўпгина кескин фикрлар билдирилди. Ўзбек киносининг бугунги ҳолати ва истиқболи ҳақида холис фикрлар юритилди. Ушбу видеосуҳбатнинг тўлиқ шакли билан Kun.uz’нинг Youtube сервисидаги каналида ва TAS-X тизимида ишловчи Mover.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.

                                                                                                                                                                                               Хуршид Далиев суҳбатлашди

Tas-IX`да кўриш