Президентимиз Термиз шаҳрида барпо этилаётган ғўзапоя ва қамишдан ДСП ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди, деб хабар берди ЎзА агентлиги.

Бунёдкорлик ва ободонлаштириш мамлакатимиз тараққиёти, фаровонлигининг ифодасидир, деди Шавкат Мирзиёев. Шу боис арзон ва сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериш зарур. 

"Термиз таъминот" масъулияти чекланган жамияти негизида барпо этилаётган корхонада йилига 30 минг кубметр ДСП маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган. 4,2 гектар майдонда 2,9 миллион доллар эвазига қад ростлайдиган янги мажмуада 160 иш ўрни яратилади. 

Давлат раҳбари шу ернинг ўзида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ва “Комфорт инерт сервис” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилаётган гранит ва габбро тошларидан қурилишбоп пардозлаш плиталари ишлаб чиқариш, Термиз механика заводини кенгайтириш лойиҳалари билан ҳам танишди. 

Йилига 80 минг квадрат метр гранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган пардозлаш плиталари корхонасида 205 иш ўрни яратиш режалаштирилган. 

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган Термиз механика заводини кенгайтириш лойиҳаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини арзон, сифатли асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлайди. Фермер хўжаликлари ва соҳага ихтисослашган корхоналарнинг электр двигателлари, асбоб-ускуна ва жиҳозларини, насосларни сифатли таъмирлайди. Мева-сабзавот маҳсулотларини тозалаб қуритадиган қулай ва ихчам технологияларни ишлаб чиқариб, фермерларга етказиб беради. 

Янги корхонанинг тўла қувват билан ишга туширилиши вилоятда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш кўламини кенгайтириб, замонавий усулда қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришда муҳим омил бўлади. Корхонада 80 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Президент янги корхоналарни замон талабларига мос технологиялар билан жиҳозлаш, маҳсулотларни нафақат ички бозорга, балки экспортга йўналтириш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.