Деярли бутун умрини ватанидан узоқда ўтказган хитойлик Ван Цининг тарихи ниҳоят муваффақиятли якунланди. Бу ҳақида Синьхуа хабар берди. 

Хитойнинг собиқ аскари 1963 йилнинг январида асирликка тушиб, умрининг 54 йилини Ҳиндистонда ўтказишига тўғри келди. Шу боис бу ҳодиса халқаро миқёсда қизиқиш уйғотди. У мунтазам равишда ҳукуматдан ватанига қайтишга рухсат олишга ҳаракат қилган, бироқ узоқ вақт давомида унга Хитой томон билан мулоқот қилишга йўл беришмаган ва расмий ҳужжатларини тақдим этишмаган. 

Ван Ци Хитой-Ҳиндистон чегарасида Хитой армиясининг геодезисти сифатида хизмат қилган. Бир куни у адашиб қолиб, икки кун ўрмонда юрган ва ҳинд Қизил Хоч ташкилоти аъзоларининг машинасига тўқнаш келган. Бироқ улар Ван Цини ўзи кутганидек Хитойга эмас, ҳинд ҳарбий лагерига етказишган. Бу ерда уни бегона мамлакат ҳудудига ноқонуний кириб келган ҳарбий асир сифатида қўлга олишган.

У жосусликда айбланган ва қамоққа жўнатилган. У 1969 йилда озодликка чиққан. Шундан сўнг уни Тироди қишлоғига юборишган - ҳинд ҳукумати диссидентлар ва ҳарбий асирларни шу ерда сақларди. 

1979 йилда собиқ геодезист ҳиндистонлик қизга уйланди, 1980 йилда эса унга Хитойдаги оисласи билан хат ёзишишга изн беришди. Бунга қадар унинг барча мурожаатлари рад этилган. 

2006 йилда ўғлининг дийдорини кўра олмаган она ҳаётдан кўз юмди. 2008 йилда эса Ван Ци Нью-Деҳлидаги ХХР элчихонаси билан алоқа ўрнатади. 2009 йилда у Ҳиндистонга сайёҳ сифатида ташриф буюрган жияни билан учрашади. 

2013 йилда Хитой элчихонаси ветеранга паспорт беради. 2017 йилнинг январида BBC каналида ярим асрдан зиёд вақт давомида ватанидан узоқда яшаган собиқ аскар ҳақида батафсил репортаж эфирга чиқади. Унинг тарихи жамоатчиликда катта муҳокамага сабаб бўлади ва бунинг натижасида ҳинд ҳукумати Ван Цига мамлакатдан чиқишга рухсат беришга мажбур қилади. 

10 февраль куни, ниҳоят, 78 ёшли Ван Ци Хитойга келди ва 54 йилдан кейин биринчи марта катта акаси Ван Чжиюань билан учрашди. 

Шунга қарамай, ветеран Ҳиндистонга қайтиб, умрининг қолган қисмини ўша ерда фарзандлари ва неваралари билан ўтказишни режалаштирмоқда.