11 февралда АҚШда абортга қарши 200 дан ортиқ намойиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда намойишлар ташкилотчилари маълум қилишди. 

Маълумотларга кўра, 45 штатда 225 та намойиш бўлиб ўтган. Намойишлар оилани режалаштириш ташкилоти Planned Parenthood идоралари яқинида ўтган.  

Намойишчиларнинг айтишича, бу ташкилот йилига 300 мингга яқин аборт ўтказади ва бунга солиқ тўловчиларнинг ярим миллиард долларга яқин пули сарфланади. Намойишлар иштирокчилари ушбу ташкилотни давлат томонидан молиялаштирилишдан маҳрум қилишни талаб қилишган. Ташкилот тарафдорлари эса ташкилот кўрсатадиган хизматларнинг кичик қисми абортларни ташкил қилишини таъкидлаб, молиялаштирилиш сақланиб қолишини талаб қилишмоқда.    

АҚШда аборт қилиш 1973 йилдан бери қонуний ҳисобланди. Шунга қарамай, АҚШда абортларга қарши фаол ҳаракат мавжуд. Раҳбарияти консерватив республикачиларни ташкил қиладиган бир қатор штатларда абортларни анча чекловчи қонунлар қабул қилинган.