Сурия президенти Башар Асад Сурияда муддатдан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши мумкинлигини айтди. У бу ҳақда Yahoo News ахборот порталига берган интервьюсида айтди. Асаднинг айтишича, бироқ "бу ҳақда гапиришга эрта". Аввал парламент сайловлари ўтиши ва миллий бирдамлик ҳукумати яратилиши лозим. Аммо террорчилар устидан ғалаба қозонмасдан буни амалга ошириб бўлмайди. 

Асад, шунингдек, ИШИДга қарши курашда энг кўп улушни Ғарб давлатлари коалицияси эмас, балки Россия киритаётганини айтди.

"Ироқдаги уруш ИШИДнинг пайдо бўлишига олиб келди. ИШИДни ким яратган? Мен яратдимми? Балки сиздир? Биз террорчиларга пул бермаганмиз, уларни қўллаб-қувватламаганмиз. Сизнинг давлатингиз эса қўллаб-қувватлади. Буюк Британия ва Франция ҳам. ИШИД эса АҚШ эмас, балки Россия аралашувидан кейин мағлуб бўла бошлади. Руслар уларга ҳужум қилиб, уларни яксон қила олдилар", деб айтди Асад.  

Асад АҚШ ИШИДга қарши олиб бораётган кампанияни "пардозлаш" деб айтди. Асаднинг айтишича, Сурия Россиядан террорчиликка қарши курашга қўшилишни сўраганда "руслар бу масалага самимий ёндошганлар". Асаднинг таъкидлашича, агар америкаликлар ҳам шундай самимий бўлсалар, унда Дамашқ ҳам уларнинг ва исталган бошқа давлатнинг бу курашдаги иштирокини қўллаб-қувватлайди.