Франциялик олимпия чемпиони Мартен Фуркад ва россиялик биатлончи Антон Шипулин ўртасида юзага келган зиддият дўстона қўл сиқиш билан якунланди. Фуркаднинг россиялик биатлончилар допинг қабул қилиши ҳақида айтган гаплари туфайли спортчилар ўртаси бузилганди.

Шипулин охирги интервьюларидан бирида спортчилар хафагарчиликни унутиш ва дўстона муносабатларни тиклашга келишиб олишгани ҳақида гапирган.

"Биз икки кун шу мавзуда гаплашдик. Мен унинг позициясини, у эса меникини тушунди. Биз муайян компромиссга келмадик, аммо биз жаҳон чемпионатида душманлик эмас, рақобат қилишга келишдик. Биз сиёсат билан эмас, спорт билан шуғулланамиз", деган Шипулин.

Фуркад эса Шипулин билан юзага келган оғир вазиятни муҳокама қилгани, ўзи у билан муносабатларни йўқотишни истамаслигини айтиб ўтган. У шунингдек россияликлар мураббийи Александр Касперович уни бирга чой ичишга таклиф этгани ҳақида гапирган.

"Антонни мен 10 йилдан буён яхши танийман, 2 кун олдин рўй берган воқеа эса бизнинг кўп йиллик муносабатларимизга таъсир кўрсатмаслиги керак. Мен яхшилаб ўйлаб кўрдим. Мен у ҳақда яхши фикрдаман, у ҳам мен ҳақимда шундай фикрда. Биз бўлиб ўтган ишни унутамиз.

Одатда чойга британияликлар таклиф этишади. Мен руслардан мени бирга ароқ ичишга таклиф этишни кутаман", дея сўзи якунида руслар мураббийининг таклифига ҳазиломуз муносабатда бўлган Фуркад.

Видео: Франциялик биатлончи рус спортчисига нисбатан қилган ҳаракати интернетни ларзага келтирди

Биатлон можароси: Россиялик биатлончилар Фуркадга қўл беришни, Фуркад руслар билан битта шоҳсупада туришни истамади