12 февралда Грециянинг йириклиги бўйича иккинчи рақамли шаҳари Салоникида 4 февралда топилган, Иккинчи жаҳон уруши замонларидаги авиабомбани хавфсизлантириш учун 72 минг киши эвакуация қилинади.  

Бу Грецияда тинч вақтидаги энг йирик аҳоли эвакуацияси бўлади. Бомбани хавфсизлантириш операцияси ҳукуматга 9,5 минг еврога айланади. Операция маҳаллий аҳолида хавотир уйғотган. Шу сабабли маҳаллий раҳбариятнинг 10 та телефон рақамига 3,5 мингта қўнғироқ келиб тушган.

250 кг лик бомба шаҳарнинг Корделио туманида АЁҚШдаги ковлаш ишлари вақтида топилган. Эҳтиёт чораси сифатида ён-атрофдаги уйлардан 300 га яқин киши эвакуация қилинган. АЁҚШнинг ер остидаги цистерналаридаги барча ёнилғи тортиб олинган ва бензин буғланмаслиги учун сув билан тўлғазилган. Кейинроқ операция қўшимча хавфсизлик чоралари кўриш учун бошқа санага кўчирилган. 

Бомба 5 метр чуқурликда жойлашган. Ҳарбийлар бомба жойлашган чуқур атрофида қум солинган қоплардан тўсиқ ҳосил қилишган. 12 февралда мутахассислар бомбанинг портловчи механизмини олиб ташлашга ҳаракат қилиб кўришади. Агар бунинг уддасидан чиқилса, хавфли топилма полигонга олиб чиқилиб, йўқ қилинади.

Шу туфайли маҳаллий вақт билан соат 07:00дан (Тошкент вақти билан 10:00) бошлаб бомба топилган жойдан 1,9 км радиусда жойлашган уйлардан аҳоли олиб чиқиб кетилади. Аҳоли автобусларда вақтинчалик бошпаналарга олиб борилади.

Операцияни соат 10гача якунлаш режалаштирилган. Махсус ҳимоя кийимидаги мутахассис бомба жойлашган чуқурга тушиб, учта ҳамкасби ёрдамида ундан детонаторни чиқариб олишга уриниб кўради. Шундан кейин бомба қазиб олинади ва кранда ҳарбий автомобилга юкланиб, полигонга олиб чиқилади. Бомба полигонга олиб кетилаётган вақтда йўллардаги ҳаракат тўхтатилади. 

Афина янгиликлар агентлигининг таъкидлашича, ушбу бомба 1943 йил 5 декабрда Салоникининг инглизлар томонидан бомбардимон қилинган вақтда портламай қолган бомбалардан биридир. 1997 йилда бомба топилган туманда 200 кг лик бомба топилиб, хавфсизлантирилган эди. Мутахассисларнинг фикрича, ер остида яна кўплаб бомбалар бўлиши мумкин.