БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда ўтган илк учрашувларида Сурия, Ироқ ва Кипрдаги вазиятни тартибга солишни муҳокама қилишди.   

Таъкидланишича, Гутерреш Остонада Сурия бўйича ўтказилган музокаралар учун Эрдўғанга миннатдорчилик билдирган. У "Сурияда террорчиликка ва экстремистларга қарши курашиш зурарлигини" таъкидлаб ўтган ва "бу саъй-ҳаракатлар Сурия халқи томонидан қўллаб-қувватланадиган сиёсий ечимларсиз муваффақият қозонмаслигини" айтган.    

Остонада 23-24 январда ўтган музокараларда Россия, Эрон ва Туркия Суриядаги ярашувнинг кафолатловчилари сифатида у ерда ўт очишни тўхтатиш тартибини назорат қилувчи уч томонлама механизмни яратишга келишиб олишган. Сурия бўйича янги музокаралар даставвал 8 февралга белгиланганди, бироқ БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси Стаффан Де Мистура уларни 20 февралга қолдирган.

Гутерреш Эрдўған билан мулоқот давомида Ироқнинг Мўсул шаҳри ва бошқа ҳудудларини террорчилардан озод қилиш операцияси ва Кипрдаги вазиятни тартибга солиш жараёни масалаларини кўтарган.

"Бош котиб суриялик ва ироқлик қочқинларни қабул қилишда Туркия кўрсатган олийҳимматликни юқори баҳолаган", деб айтилди хабарда.