Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркиянинг Анталия шаҳридаги қисқа муддатли ўқув-машғулотлар йиғинини якунлади.

Терма жамоа йиғин доирасида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди. 10 февраль куни Самвел Бабаян шогирдлари Россия Премьер-лигаси вакили «Амкар» клуби билан куч синашиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди

11 февраль куни эса Ўзбекистон термаси Арманистоннинг «Алашкерт» клубига қарши майдонга тушиб, 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ушбу ўйинда терма жамоа бош мураббийи асосан ёшларни синовдан ўтказди.

Қайд этиш жоиз, оилавий сабабларга кўра Игнатий Нестеров Тошкентга қайтишга мажбур бўлди. «Алашкерт» билан ўйинда эса «Металлург» посбони Суҳроб Султонов терма жамоа дарвозасини қўриқлади.

Мазкур йиғин Ўзбекистон терма жамоаси учун ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи иккинчи давраси олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Бундан аввал терма жамоа  21–24 январь кунлари БААда йиғин ўтказган эди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 саралаш босқичи А гуруҳи 5-туридан кейин Ўзбекистон терма жамоаси 9 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Эрон 11 очко билан биринчи, Жанубий Корея эса 10 очко билан иккинчи поғонада бормоқда.