Россия АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг маъмурияти билан мулоқотга киришди. Унинг ташқи сиёсат билан шуғулланувчи бўлимлари тўлиқ такомиллашганидан кейин мулоқот интенсивлиги янада ошади. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров НТВ телеканалига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди

"Биз ҳар қандай мамлакат позициясини ҳурмат қиламиз ва доимо барча ёндашувларни муҳокама қилишга тайёрмиз. Ишончим комилки, бизнинг Дональд Трамп маъмурияти билан мулоқотимиз давом этади, маъмуриятнинг ташқи сиёсий ишлар билан шуғулланувчи бўлимлари тўлиқ шакллангач, муносабатлар янада интенсивлашади", - деди РФ ТИВ раҳбари. 

Лавровнинг таъкидлашича, унинг АҚШ давлат департаментининг янги раҳбари Рекс Тиллерсон билан учрашиш жойи ва вақти мувофиқлаштирилмоқда.

АҚШ конгресс сенати 1 февраль куни давлат котиби лавозимига Рекс Тиллерсон номзодини тасдиқлади. 64 ёшли Тиллерсон бундан аввал ExxonMobil энергетика компаниясини бошқарган.