Буюк Британияда XV—XVI асрларга тегишли қадимий китоблар, жумладан польшалик  астроном Николай Коперникнинг китоби ўғирлаб кетилди. Ўғирланган китобларнинг умумий қиймати 2,5 млн доллардан кўпроқни ташкил қилади. 

Daily Mail нашрининг ёзишича, 160 дан кўпроқ китоб ўғирланган. АҚШга жўнатилиши керак бўлган бу китоблар Хитроу аэропорти яқинидаги омборхонада сақланган. Уч жиноятчи омбор томига чиқиб, у ердаги кучайтирилган пластик ойнали деразаларда дарча пармалаб, у орқали арқонларда омбор ичига тушишган.  

Нашр манбасининг таъкидлашича, китоблар омборда бор-йўғи бир неча соат сақланиши керак бўлган. Манба фикрича, ўғрилик ортида коллекционерлар турган бўлиши мумкин, чунки китобларни дилерлар ва аукцион уйлардан бирортаси ҳам сота олмайди. Тахмин қилинишича, ўғриликни қадимий буюмларни ўғирлашга ихтисослашган гуруҳ амалга оширган бўлиши мумкин.

Таъкидланишича, ўғирланган китоблар орасида Коперникнинг 1566 йилда ёзилган "Само жисмларининг айланиши" деб номланган китоби (унинг нархи 270 минг доллар туради) ва 1569 йилда чоп этилган Данте Алигьерининг "Тангри комедияси" китоблари бўлган.