НАТО Россияни ўз назоратидаги ОАВ орқали сохта ахборотлар тарқатиб, эскалация кампанияси олиб боришда айблади. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси матбуот котиби Оану Лунгескуга асосланиб Reuters агентлиги хабар тарқатди. 

«НАТО Россия пропагандаси сезиларли даражада ўсганини қайд этди. Бу 2014 йилда Қримнинг Россия таркибига қўшиб олиниши ортидан рўй берди», — деган Лунгеску хоним.

Унинг сўзларига кўра, НАТО ва Европанинг расмий шахслари Россия телевидениеси ва интернет сайтлари орқали сохта хабарлар кенг кўламда тарқатилиши туфайли азият чекишмоқда ҳамда хавотирланишмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, бундай иш билан Sputnik ва RT нашрлари шуғулланмоқда. Лунгеску хонимнинг сўзларига кўра февраль ойида ҳам Life портали дезинформацияга (ёлғон хабар тарқатиш) қўл урди. Ўшанда НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг ўзини Украина президенти Петро Порошенко сифатида кўрсатган пранкерлар Лексус ва Вован билан гаплашгани ҳақида хабар берилганди.

«Бундай мулоқот ҳеч қачон бўлмаган, бу дезинформацияга яққол мисол», — деган НАТО вакили.

Кремль, Россия ҳукумати, Sputnik, RT ва Life нашрлари Лунгескунинг бу айбловларига муносабат билдиришмади.