Россиянинг Олтой Республикасида "Робинсон" экскурсия вертолёти қулади. У рухсат олинмаган ҳолда парвоз амалга оширган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 12 февралда республиканинг транспорт назорати хизматларидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар берди

"Дастлабки маълумотларга кўра, тегишли хизматлар парвоз ва унинг йўналиши ҳақида хабардор қилинмаганлар", деб айтди агентлик манбаси. Унинг айтишича, вертолёт ҳавога кўтарилиш вақтида Телецкий кўлига қулаган.  

"Маълумотларга кўра, хордиқ чиқараётган 5 кишидан иборат гуруҳ кўл устидан учиб ўтмоқчи бўлган, бироқ ҳавога кўтарилиш вақтида нимадир нотўғри кетган ва вертолёт сувга қулаган. Бу маълумот текширилмоқда", деб айтган манба. Фалокатга учувчи хатоси ёки вертолёт двигатели тизимидаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Республиканинг қутқарув хизматлари вертолётнинг кўлга қулагани ҳақидаги ахборотни текширишмоқда. 

Аввалроқ Россия тергов қўмитасининг транспортдаги Ғарбий Сибир тергов бошқармаси гувоҳларнинг вертолёт қулагани ҳақидаги маълумотини текшираётгани маълум қилинганди.