АҚШ президенти Дональд Трамп ва Япония бош вазири Шиндзо Абэ Шимолий Корея баллистик ракета учирганини қоралаб ўтишди. Бу ҳақда CNN телеканали маълум қилди.

«Шимолий Кореянинг ракета синовларига йўл қўйиб бўлмайди», — дея баёнот берган Абэ.

Дональд Трамп Япония бош вазирини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Мен Америка Қўшма Штатлари ўзининг ажойиб иттифоқдоши Японияни 100 фоизга қўллаб-қувватлашини ҳамма тушунишини ва тўлиқ англашини хоҳлардим», — деди Трамп Япония бош вазири билан биргаликда журналистлар қаршисига чиққанида.

КХДР шимоли-ғарбидаги Пхёнан-Пукто провинциясида жойлашган полигондан 12 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 07:55да (Тошкент вақти билан соат 03:55 да) ракета учирди. Жанубий Корея  Штаб бошлиқлари қўмитаси ҳарбийлари маълумотларига кўра, ракета 500 километрга яқин масофани босиб ўтган ва Япон денгизига тушган.