Туркманистонда маҳаллий вақт билан соат 19:00да (Тошкент вақти билан ҳам - таҳр.) республика президентлиги учун сайловда овоз бериш жараёни якунланди.

Эндиликда сайлов комиссияси овозларни ҳисоблашни бошлайди.

МСК маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 17:00да сайлов участкаларига 3 миллион 4 минг 779 киши, ёки умумий сайловчиларнинг 94,17 фоизи келганди. Якуний давомат эса 97,27 фоизни ташкил қилди.

Сайлов учаскалари эрталабки соат 07:00да очилди, овоз бериш Туркманистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.

Туркманистон президенти лавозимига 9 киши, жумладан амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳам даъвогарлик қилмоқда. 

Сайлов жараёнини маҳаллий ва халқаро кузатувчилар кузатиб боришди.