Американинг Калифорния штатида маҳаллий ҳукумат Оровилл тўғонидан пастроқда яшовчи деярли 200 минг кишини шошилинч эвакуация қила бошлади. Бунинг боиси - тўғоннинг қулаш хавфи пайдо бўлганида. Reuters агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Лайв-Ок, Мэрисвилл, Уитленд, Пламас-Лейк, Оливхерст, Гридли, Юба-сити аҳоли пунктларида истиқомат қилувчи кишилар ўз уйларини тарк этишмоқда. Баъзи оилалар хавфли зонадан узоқлашишга улгурмасликлари  мумкинлигини инобатга олиб, қайиқларни ҳам ўзлари билан олишган. 

Ҳукумат маълумотларига кўра, эрозиялар туфайли иншоотга етган зарар натижасида энг яқин орада захира сув ҳавзасининг қулаши рўй бериши мумкин. 

Жорий қиш мавсумида кучли ёғинлар натижасида Оровилл кўлидаги сув сатҳи сезиларли даражада кўтарилди. Калифорния штати сув хўжалиги департаменти твиттерда ёзув қолдирди ва бу маҳаллий аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлди. 

"Яқин соатлар ичида тўғон қулаши мумкин", - деб ёзишди кеча идора вакиллари. 

Маҳаллий сув ресурслари департаменти мутахассислари сув сатҳининг пасайиши учун авиация жалб қилиниши ва тўғондан сув чиқарилиши ҳақида маълум қилишди. 

Кечки соат 22:00да давлат амалдорлари уринишлар иш бергани, бироқ бу ҳали хавф ортда қолди дегани эмаслиги ва вазият ҳақида олдиндан бирор нима дейиш қийинлигини маълум қилишди. 

"Агар тўғон тузилмасига зиён етган бўлса, бу жуда ёмон", - деди сув ресурслари департаменти директори вазифасини бажарувчиси матбуот-анжуманида. 

Тўғонда унинг тузилмасига таҳдид солувчи тешикнинг пайдо бўлгани ҳақида Кори Хани округ шерифига экспертлар хабар беришди. 

"Минглаб инсонлар ҳаётини таваккалга қўймаслик учун эвакуация эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинган", - деди у матбуот анжуманида. 

Шуни таъкидлаш жоизки, бетон тўғонларда камдан-кам эрозия жараёнлари кузатилади.

"Қоидага кўра, бундай тўғонлар жуда мустаҳкам бўлади. У ерда айнан нима хавф остида эканлигини айта олмайман.

Сув ҳавзаси тешиклари юзаки ва чуқур бўлиши мумкин. Тортишув очилади ва тўғон ёрилиб кетмасдиги учун маълум миқдордаги сув чиқариб юборилади. Агар эксплуатациянинг имкони бўлмаса, у ҳолда вазият ҳалокатга яқин", - деди Гидротехник ва энергетик қурилиш институти директори Николай Анискин "Газета.ру" нашрига. 

Сув тошқини эҳтимоли бўлган ҳудуддан 32 километр масофада жойлашган Чико тумани (Калифорния)да эвакуация қилинаётган кишилар учун махсус марказлар ташкил этилди. Оровилл тумани магистралларида хавфли зонани тарк этаётган кишиларнинг кўплиги туфайли катта тирбандлик юзага келди.

Бундан аввал пайшанба куни муҳандислар тўғоннинг баъзи қисмларида бетон конструкцияларнинг катта бўлаклари йўқолганини пайқашган. Ўшанда Оровилл кўлидан сувни аста-секин чиқаришга қарор қилинганди. 

Жума куни Калифорния штати губернатори Жерри Браун Фавқулодда вазиятлар бўйича федерал агентликдан бўронлар сабаб юзага келган сув ва тупроқ кўчкиси туфайли ФВ режимини эълон қилишни сўраган. 

Оровилл тўғони 16 минг аҳолиси бўлган шу номли шаҳардан бироз юқорида жойлашган.

1962-1968 йиллар орасида қурилган иншоот АҚШдаги энг баланд тўғон ҳисобланади, унинг баландлиги - 230 метр.