Барчамизга маълумки республикамизда аҳолининг сифатли дори-дармон воситаларига бўлган талабини қондириш, дорихоналар фаолиятини талаб даражасида юритиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Андижонда ушбу соҳани аҳоли учун мақбул даражага келтиришга жиддий киришилган.
 
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Қишлоқ ҳўжалиги институтининг катта залида ҳудудда иш олиб бораётган хусусий дорихоналар вакиллари билан йиғилиш ўтказди. Тадбирда соҳага алоқадор барча мутасадди идоралар вакиллари иштирок этдилар. 

“Мазкур масала бўйича аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар давомида шу нарса аниқландики, фуқаролар озиқ-овқат, саноат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари нархлари мўтадил эканлиги, лекин дори-дармонлар нархларини қимматлиги ҳақида ўз фикрларини билдиришган бўлиб, ҳозирги кунда хусусий дорихоналардаги тиббий воситалар нархи “Дори-дармон” АК дорихонларига нисбатан ўртача 25 фоиз юқорилиги аниқланган”,-деди ўз сўзида вилоят ҳокими. 

Мажлисда  юқоридаги салбий ҳолатлардан келиб чиқиб, вилоятда Президентимизнинг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Шу йилнинг январь-февраль ойларида Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти ҳамда ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган тезкор-таҳлилий тадбирларда туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган қатор дорихоналарда қабул қилинган талаблар бузилаётгани аниқланган. Юқоридаги дорихоналарнинг раҳбарлари бир неча марта огоҳлантиришларига қарамай етарли хулоса чиқармаганликлари учун уларга белгиланган тартибда лицензияларини бекор қилиш юзасидан тақдимномалар киритилганлиги айтилди.

Вилоят ҳокими юқоридаги ҳолатлар бўйича йиғилишда иштирок этган дорихоналар раҳбарлари ўзлари учун етарли хулоса чиқармасалар кескин чоралар кўрилишини таъкидлади. Шундан сўнг соҳа вакиллари томонидан берилган саволларга мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли жавоблар берилди.          
 
Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири