Apple компанияси 2017 йилда тақдим этиладиган iPhone қурилмалари учун Samsung Display'га 60 миллион OLED-панель буюртма қилди. Шартнома қиймати 5 триллион корея вонини (4,3 миллиард доллар) ташкил қилди. The Investor шу ҳақида хабар берди

Samsung Display Apple'нинг асосий дисплей етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Шунингдек у дунёдаги энг йирик OLED-дисплей ишлаб чиқарувчиси ҳамдир - у бозорнинг 95 фоизидан ортиғини эгаллаган. Манбага кўра, ҳар бир матрица Apple'га 71 доллардан тушмоқда. Таққослаш учун - iPhone 7'нинг IPS-матрицалари, норасмий ҳисоб-китобларга кўра, 40 долларча бўлган. 

Sharp бош директори Тай Жен-ву iPhone 8 қурилмалари OLED-дисплейга эга бўлишини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, смартфонларда LTPS-панелларни қўллашдан воз кечиш - Apple'нинг инновацион маҳсулот яратиш истагини амалга оширувчи ягона йўлдир. OLED-дисплей LTPS-дисплейдан камроқ энергия истеъмол қилиши, юқори контрастлилиги ва мослашувчи экран яратиш имкони мавжудлиги билан ажралиб туради.