Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги «Асл ойна» акциядорлик жамиятида Италиядан келтирилган янги линия ишга туширилди.

Ҳозирга қадар корхонада Германияда ишлаб чиқарилган технология асосида 130 хилдаги дизайнда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган эди. Янги линия кўмагида турфа хил кўриниш ҳамда сиғимдаги рангли ва рангсиз шиша идишлар тайёрлаш янада кўпаяди. 

Иккинчи печ қурилиши бўйича харажат миқдори 14 миллион долларни ташкил қилган. Лойиҳани ҳаётга тадбиқ этишда дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчи корхоналари, жумладан, «Stara Glass», «Bottero» (Италия) ва «EME MASCHINENFABRIK CLASEN GmbH» (Германия) иштирок этган.

Эндиликда ушбу иккинчи ойна эритиш печи ва шиша буюмлар ишлаб чиқариш линиясини ишга туширган корхона нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиёдаги энг йирик шиша идишлар ишлаб чиқарувчи корхонага айланди.

Иккинчи линия ишга туширилиши эвазига корхона ишлаб чиқариш қуввати 80 фоизга ўсди, шунингдек, ишлаб чиқарилувчи маҳсулотлар қатори кенгайди.

«Асл ойна» АЖ шиша ишлаб чиқариш соҳасида дунё етакчиларидан бири бўлмиш Германиянинг «Хайе интернэшнл» компанияси томонидан замонавий технология билан жиҳозланган.

Нархи 11 миллион еврони ташкил этувчи мазкур технология «Капиталбанк»дан олинган сармоя эвазига харид қилинди. У бошқа турдош технологияларга нисбатан электр энергиясини 10 фоизга тежайди. 

Бугунги кунда корхона йилига умумий қиймати 38 миллиард сўм бўлган 100 миллион дона шиша идиш ишлаб чиқаради. Шундан 30 фоизи экспортга чиқарилади.

Корхона ички бозор эҳтиёжига ишлаш билан бир қаторда, ўтган йили 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 4 миллион долларга етказиш мўлжалланмоқда. 

«Асл ойна» АЖ 2018-2021 йиллар давомида ишлаб чиқариш қуввати кунига 350 тонна бўлган учинчи ва тўртинчи ойна эритувчи печлар қуришни ҳам режалаштирилган. Бу лойиҳа 40 миллион доллар атрофида баҳоланган.