Қирғизистонда «Ата Мекен» парламент фракцияси етакчиси, мухолиф сиёсатчи Ўмурбек Текебаев мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевнинг Кипрдаги офшорларда мулки борлиги ҳақида маълумотга эгалигини айтди.

Ушбу сиёсатчи яқин вақт ичида жамоатчиликка батафсил маълумотлар етказишини қўшимча қилган.

Ўмурбек Текебаев аввал президентга ўз бойлиги манбаларини очиқлашини сўраб, мурожаат қилмоқчи эканини айтиб ўтганди.

Кейинроқ у Атамбаев 2010 йилдан 2015 йилгача 6 миллион 18 минг сом даромад қилгани, унинг харажатлари эса 34 миллион сўм бўлганини хабар қилди.

Унинг маълумотлари президент аппаратининг ахборотлар бўлимига келиб тушган.

Қайд этилишича, Алмазбек Атамбаев бош прокуратурага бу баёнотни текшириб, тегишли чоралар кўришга кўрсатма берган.

Бугун Ўмурбек Текебаев журналистларга Кипрга учиб кетаётгани ҳақида маълум қилди. У президентнинг бу давлатда бизнеси борлиги ҳақидаги маълумотни текшириб, қўшимча маълумот йиғмоқчи эканини таъкидлаган.

«Кипр — шунчаки орол эмас, бу офшор ҳудуд. Белиз узоқда, Кипр бизга яқин, мен Кипрга йўл олдим ва Атамбаевнинг оиласи сирларини фош қилмоқчиман», деган у.