Британиялик актёр ва шоумен Стивен Фрай Британия кино ва телевизион санъат академияси (BAFTA) совринларини топшириш маросимида рус хакерлари хусусида ҳазиллашди. Унинг сўзларига кўра, ғолибларни россиялик хакерлар танлаган. 

Ғолибларни тақдирлаш маросими 12 февраль куни Лондондаги Қироллик Алберт-холлда бўлиб ўтди. Мукофотларнинг аксариятига америкаликлар лойиқ топилган. 

"Қани кўрайлик-чи, руслар кимни ғолиб сифатида танлашди экан", — деган Фрай тақдирлаш маросимини бошларкан. 

Америкалик актёр Кейси Аффлек “энг яхши актёр”, яна бир америкалик Эмма Стоун “энг яхши актриса” сифатида эътироф этилди. Американинг “Ла-Ла Ленд” мюзикли энг яхши фильм деб топилди. Ушбу картинани суратга олган америкалик Дэмьен Шазелл энг яхши режиссёр мукофотини қўлга киритди. Америка драматурги Кеннет Лонерган эса, “энг яхши сценарий” муаллифига бериладиган мукофот соҳиби бўлди.