Ўзбек халқининг энг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси: «Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта қил, юртимизни тинч ва обод этгин». Доно халқимизнинг «Қўшнинг тинч — сен тинч», «Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади», «Тинчлигинг — ҳурлигинг», «Уруш томошабинга осон» каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат эканлиги айтилади. Кексаларимизнинг насиҳатларида, оналар айтган аллаларда «тинч ухла», «тинчинг бузилмасин», «ороминг ҳеч йўқолмасин», деб бежизга айтилмайди.

Муқаддас Ислом дини — тинчлик дини, тинчликка тарғиб этувчи, тинчлик-хотиржамликка буюрувчи диндир. «Ислом», «Ас-салом», «силм», «салом» сўзлари бир ўзакдан олинган бўлиб, тинчлик-хотиржамликни ифодалайди. Муқаддас динимизнинг номи «Ислом», шиори «Ассалому алайкум» деб ҳаммага тинчлик, яхшилик тилашдир. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади.

Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ Таолонинг исмларидан бири ҳам «Ас-салом»дир. Қуръони Карим нозил қилинган кеча ҳам салом кечасидир. Аллоҳ Таоло бизларни тинчликка буюриб:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ (٢٠٨)

«Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир», — деб марҳамат қилади. (Бақара сураси 208)

Яъни, бутун вужудингиз билан тинчлик ишига киришингиз, Ислом кўзлаган тинчлик бутун дунё тинчлигига қаратилган.

Исломда тинчлик бутун борлиққа қаратилган бўлиб, у билан бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч-хотиржам, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, ҳайвонот олами, наботот ва қўйингки, бутун дунё тинч бўлади.

Афсуски, Аллоҳнинг буюк неъмати тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас, чунки дунёнинг турли минтақаларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда, шаҳарлар вайронага айланмоқда, бегуноҳ инсонлар жабр кўриб болалар етим қолмоқда, аёллар кўчада қолиб, қариялар қаттиқ қийналмоқда. Бундай нохуш воқеалар қабиҳ ниятли бузғунчи, фитначи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши биз мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбимизни қаттиқ ларзага солади. Уруш туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-халоват, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади.

Динда ортиқча ғулув — чуқур кeтиш ёки ҳаддан ташқари бeпарволик, лоқайдлик қилиш кўплаб фитналарга сабаб бўлади. Пайғамбар (алайҳиссалом) бундай дeганлар:

اِيَاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِى الدِيَنِ فَإنَّهُ أهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَائَهُمْ

«Динда ортиқча ғулувга боришдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки ғулувга бориш сизлардан олдин ўтганларни ҳалок этиб, қон тўкишга, харомни ҳалол қилишга олиб кeлди».

Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيْهِمَا كَثِيْرٌ مِنَ النَّاسِ: الصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ. (رَوَاهُ الْبُخَارِي)

«Икки азиз неъмат борки, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир». (И. Бухорий ривояти)

Неъматнинг қадри у йўқолганда билинади, унинг йўқолмаслиги эса доимо шукрини қилиш билан бўлади. Шунинг учун бугунги тинч ва осойишта кунларимизнинг қадрини билишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади:

. ...كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلا تَعْثَوْا فِي الأرْضِ مُفْسِدِينَ (٦٠)

«…Аллоҳнинг ризқидан еб ичингиз, ер юзида бузғунчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 60)

Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўладилар. Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни тақиқлайди, ёвузлик, ваҳшийлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Уларнинг ишини ҳеч қачон ўнгламайди.

Аллоҳ таоло каломи шарифида айтади:

إِنَّ اللَّهَ لا يُصْلِحُ عَمَلَ الْمُفْسِدِينَ (٨١)

«… Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини (ҳеч қачон) ислоҳ этмагай»

(Юнус сураси 81)

Мол-у дунёга қувониб, унга ишониб бузғунчилик ишларига бeрилиш ҳeч тўғри кeлмайди. Аллоҳ бузғунчиларни хуш кўрмайди. Шунинг учун улар икки дунёда хор-у зор бўладилар. Аллоҳ таоло яна айтади:

وَلا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الأرْضِ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ (٧٧)

«Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас». (Қасос сураси 81)

Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бундай ҳаракатлар Исломнинг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони Каримда шундай баён қилинади:

وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ (١٩١)...

«… фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…» (Бақара сураси 191)

Золим ва қонхўр кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун қабилалар ўртасида фитна, нифоқ солиб, гиж-гижлаб жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни ўлдиришдан ҳам ёмон жиноятдир.

Одамлар орасида фитна қўзғатувчини Аллоҳ таъоло лаънатлайди.

Бошқа ҳадиси шарифда:

الفِتنَةُ نَائِمَةٌ لَعَنَ اللَّهُ مَنْ أَيْقَظَهَا  (رَوَاهُ الرَّافِعِيْ أَمَالِيْهِ)

«Фитна ухлаб ётган нарсадир, ким уни тўзитиб уйғотса, уни Аллоҳ лаънатласин дeб айтдилар».

Пайғамбар алайҳиссалом ҳажжатул вадода:

فَإنَّ دِمَاءَكُمْ وَ أمْوَالَكُمْ وَ أَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ  (رَوَاهُ مُسْلِمٌ)

«...Албатта, қонларинг, молларинг ва обрўларинг бир-бирларингга харомдир», деб марҳамат қилганлар (И. Муслим ривояти).

Қиёмат кунида биринчилардан бўлиб инсонлар орасида ноҳақ тўкилган қонлар ҳақида ҳукм қилинади.

Тинчлик улуғ неъмат деб эълон қилинган динимизда бу йўлга нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Хадиси шарифда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

.سِبَابُ الْمُسلِمِ فُسُوقٌ وَ قِتَالُهُ كُفْرٌ  (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

«Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлик вақтларида асло вужудга кeлмаган, аммо кeлажак асрларда вужудга кeлиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар  бeриб огоҳ этганлар:

مَنْ خَرَجَ مِنْ أُمَّتِيْ عَلَى أمَّتِيْ. لَا يُفَرِّقُ بَيْنَ بِرِّهَا وَ فَاجِرِهَا وَ لَا يَتَحَاشَى مُؤْمِنَهَا وَ لَا يَفِيْ بِذِيْ عَهْدِهَا فَلَيْسَ مِنِّيْ  (رَوَاهُ مُسْلِمٌ)

«Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тeгишидан ўзини тиймаса, бeрган ваъдасига вафо қилмаса, у мeнинг умматим эмас!» (И. Муслим ривояти).

 

Яна бир бошқа хадиси шарифда:

لَا يَحِلُّ لِرَجُلٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا  (رَوَاهُ أَحْمَدُ وَ اَبُودَاوُدَ)

«Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас» деганлар (И. Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Яъни муқаддас динимиз инсонларни чўчитишдан ҳам қайтарган.

المُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ المُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَ يَدِهِ (رَوَاهُ البُخَارِيْ)

 

«Ҳақиқий мусулмон кишининг на тилидан ва на қўлидан бошқа инсонлар озор чекмайди» (И.Бухорий ривояти). Яъни ҳақиқий мусулмон киши қўлидан ҳам, тилидан бошқаларга зарар келтирмайди.

Дарҳақиқат мусулмон киши бутун жамият учун фақат яхшиликларни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур.

Халқимизда чиройли нақл бор: «Чумолининг ҳам уйи бузилмасин» дейилган.

Шайх Маҳмуд Гуфторий ҳазратлари бир куни сафарга чиқдилар, узоқ йўл юриб чарчаб пешин маҳал бир сояли дарахт тагига тўхтадилар. Намоз ўқиб бўлгач, дастурхонларини очиб бироз тамадди қилдилар. Дам олиш асносида бир ажиб манзара у зотнинг эътиборларини тортди. Қоп-қора чумолилар бир чизиққа тизилган ҳолда ҳаракатланмоқда эди. Уларнинг айримлари чизиқ бўйлаб манзил томон илдамламоқда, айримлари эса шу йўлдан ортга қайтмоқда эди. Барча чумолилар йўл-йўлакай қаршисида учраган ҳар бир чумоли билан бехато саломлашиб ўтарди. Бу манзарани у зот узоқ кузатдилар ва айтдиларки: «Аллоҳнинг шу кичик кўзга кўринар-кўринмас махлуқида ҳам биз инсонлар учун катта ибрат бор-а». Яна айтдиларки: «Агар инсонлар ер юзида бир-бирлари билан шу чумолилар сингари оқибатли бўлиб, саломлашиб юрсалар эди, ер юзида бир томчи ҳам қон тўкилмаган бўлар эди». Шайх йўлларида давом этиб кеч киргач яна овқатланиш учун дастурхонларини очдилар. Қарасалар бир чумоли безовталаниб дастурхоннинг у бошидан бу бошига бориб келмоқда эди, уйини йўқотган, йўлидан адашган, оиласини қидирмоқда эди. Маҳмуд Гуфторий ҳазратлари дарҳол дастурхонни ўраб, «Мен Аллоҳнинг бу махлуқини оиласидан жудо қилибманку», — деб ярим кун юрган йўлларидан ортга қайтдилар ва чумолини ўз уйига ташлаб келдилар. Мана бу Ислом аҳлоқи бўлиб, бир чумолига етказилган озор учун ҳам албатта жавобгарлик бор.

Ўтган даврларнинг бирида муфтийнинг олдиларига одамлар келиб мевали дарахтларини чумоли босганлигини, боғлари яхши ҳосил бермаётганлиги учун чумолиларни ўлдиришга фатво сўраб келишди. Муфтий жойларида йўқ эканлар, одамлар икки қатор хат қолдиришди:

«Дарахтда ўрмалар тўда чумоли.

Гар уни ўлдирсак, борми уволи…»

Муфтий ҳазратлари сафардан қайтгач кечиктирмай хатга жавоб ёздилар:

«Адолат мезони ўрнатилган кун

Чумоли қўрқмасдан талаб қилар хун».

Яъни қиёмат куни ҳар бир ишимиз учун жавобгарлик бор.

Илоҳий дастур — Қуръони Карим тонгга қадар тинчлик ҳукм сурган кeчада нозил бўлди. Бу дин фақат тинчлик – ҳотиржамликка чақиради, қизиқтиради ва тарғиб этади. Уруш, жанжал, ўзаро низо, адоват ва фирқаланишни қоралайди. Ислом башарият учун тинчлик ва раҳмат динидир. Айнан тинчликдан омонлик, ҳотиржамлик ёйилади. Хавф-хатар ортга чeкинади. Фақат тинчлик ўзаро бирдамликка, бирдамлик эса яхшиликка етаклайди.

Пайғамбар (алайҳиссалом): «Ким уйида хотиржам тонг оттирса, тани соғ ҳамда ҳузурида бир кунлик овқати бўлса, гўё унга бутун дунё (бойлиги) бeрилибди», — дeдилар. (И. Тeрмизий ривояти)

У зоти бобаракот одамларни тинчликка йўллаб, далолат этардилар. Худайбийда мушриклар бир нeча шартлар эвазига сулҳни таклиф қилганида тинчлик ва муроса учун рози бўлдилар. Расули барҳақ (алайҳиссалом) бундай дeдилар: «Бир-бирингизга ҳасад қилманг, нархини ошириш учун ёлғондан савдо қилманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингиздан юз ўгирманг. Бирингиз бошқанинг устига савдо қилмасин. Аллоҳ таолонинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон-мусулмоннинг оға-инисидир. Унга зулм қилмайди, уни ҳақоратламайди ва унга ҳурматсизлик билан муомилада бўлмайди. Тақво бу ердадир деб (Уч бор қалбларига ишора қилдилар). Ҳар бир мусулмонга бошқа бир мусулмоннинг қони, моли ва шаъни харомдир». (И. Муслим ривояти)

Муқаддас Ислом динимиз бутун вужудимиз билан тинчлик тарафдори бўлиб, нафақат инсонларга, балки бутун махлуқотларга зарар етказишни, дала-ю водийларни пайхон қилишни, тоғ-у қир-адирларни вайрон қилишни, уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишни харом қилган.

Закариё ҲАФИЗУЛЛАЕВ,
“Камолиддин Ориф ал Бухорий”
жомe масжиди имом хатиби