Хитой ҳарбий-денгиз кучларидаги учинчи самолётлар ташувчиси 2021 йилга қадар яратилиши мумкин ва учувчи палубасидаги трамплинлар ўрнига буғли катапультлар билан жиҳозланади. Бу ҳақда South China Morning Post газетаси ёзмоқда.

Айни дамда Хитой ҳарбий-денгиз кучларида “Ляонин” самолётлар ташувчиси бор. 2015 йилнинг декабрь ойи охирида мамлакат мудофаа вазирлиги янги авиаташувчи қурилиши ҳақида эълон қилди. У Хитой томонидан илк бора мустақил равишда қурилади ҳамда Type 001A синфига тегишли бўлади.

"Type 002 синфидаги авиаташувчи 2021 йилгача қуриб битказилади", - дея ҳонгконглик мутахассис Лян Голяннинг сўзларини келтиради South China Morning Post газетаси. Унинг сўзларига кўра, Хитой умумий ҳисобда иккита шундай авиаташувчини қуришни режалаштирган бўлиб, кеманинг сув сиғими (кеманинг сувга ботадиган қисми ҳажми) 85 минг тоннани ташкил этади. Бу эса “Ляонин” сув сиғими (тахминан 55 минг тонна) ва Хитойнинг қурилаётган иккинчи авиаташувчиси Type 001A (70 минг тонна) сиғимидан кўпроқдир.

Шу билан бир қаторда, миллий мудофаа академияси профессори Цзинь Инань аввалроқ Type 002 авиаташувчисининг қурилиши Шанхайда 2015 йилнинг март ойида бошлангани ҳақида хабар берганди.

Хитой ҳарбий-денгиз кучларига яқин манбанинг газетага билдиришича, Type 002 авиаташувчиси трамплин ўрнига учта буғли катапультлар билан жиҳозланади. “Атомли двигателлар билан жиҳозлаш бўйича бир неча техник муаммолар бор, шунинг учун Type 002’да буғли катапультлар қўлланилади. Бироқ бу “Ляонин” ва қурилаётган Type 001A авиаташувчиси билан таққослаганда олға силжишдир. Улар учиш трамплинларига эга”, - деган манба. Унинг қўшимча қилишича, қурилиш якунлангач, янги авиаташувчидан фойдаланишлари учун бир неча йил керак бўлади, сабаби ундаги қирувчиларга учувчилар тайёрлашга икки-уч йил вақт кетади.