Ўтган ҳафта якуни воқеаларга бой бўлди. Англияда чемпионликни деярли ҳал қилиб қўйгани айтилаётган «Челси» бу турда очко йўқотди, Юрген Клопп жамоаси ниҳоят муваффақиятсиз сериясига барҳам берди. Германияда эса «Бавария» аста-секин бошқалардан ўзиб кетишни бошлади. Tribuna.Uz шу ва бошқа уик-энднинг энг ёрқин лаҳзаларини эслаб ўтди.

«Челси» чемпион? Йўқ!


Англия футболи шунақаки, сен асосий рақибингдан 15 очко ўтиб кетган бўлсанг ҳам, ишонч билан гапира олмайсан. «Челси» қанчалик барқарор футбол намойиш этмасин, рақибларидан 9 очко илгарилаб кетган бўлмасин, уларни чемпион дейишга шошмаслик керак. Ўтган ҳафтада бу яна бир бор исботини топди. «Бёрнли»га қарши учрашувда жамоа очко йўқотди ва янада илгарилаб кетиш имкониятини бой берди. Агар бугун тунда «Манчестер Сити» «Борнмут» уйида ғалаба билан қайтса, орадаги фарқ 8 очкогача қисқариши мумкин бўлади. Сўнгги уч турда икки марта очко йўқотган «Челси» қолган 13 учрашувнинг 4-5тасида очко йўқотмаслигига ким кафолат бера олади?

АПЛнинг ҳафтанинг марказий учрашувида «Ливерпуль» «Тоттенҳэм»ни қабул қилиб ниҳоят ғалаба қозонди. Маненинг дубли жамоанинг 2017 йилда премьер-лигада қўлга киритган илк ғалабасига сабабчи бўлди. «Манчестер Юнайтед» эса «Уотфорд» устун келиб, премьер-лигада ўзига хос натижа қайд этди. Лекин жамоа ҳамон 6-ўринда қолмоқда. «Арсенал» эса Санчеснинг қўли ёрдамида бўлсада, уч очкони қўлга киритди. Ўйиндан кейин футболчининг ўзи ҳам айбини яшириб ўтирмади.

Амалдаги чемпион «Лестер»да эса вазият жуда ёмон. Жамоа 2017 йилда бирорта гол киритишни ҳам уддалай олгани йўқ. Бу турда ҳам жамоа мағлубиятга учради ва хавфли ҳудудга тушиб қолди. 

Даҳшатга бой Испания
Испанияда тур ўйинлари натижа эътиборидан кўра, кўпроқ майдондаги кўнгилсизликлар билан ёдда қолди. «Алавес» уйидан 6:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган «Барселона», Алеиш Видалнинг ўта оғир жароҳати натижасида мураккаб аҳволга тушиб қолди. Энди жамоада ҳақиқий ўнг қанот футболчиси қолмади. Бу билан ҳаммаси тугаб қолмади. Орадан тахминан 2-3 соат вақт ўтиб «Осасуна» футболчиси «Реал»га қарши учрашувда Видалданда жиддийроқ жароҳат олди (асаби бўшлар ҳаволага босиб ўтирмасликни маслаҳат берамиз). 

Чемпионатда «Вильярреал» очко йўқотишда давом этмоқда, «Атлетико» эса ўзига келишда давом этмоқда. Мазкур турда Симеоне шогирдлари катта қийинчиликлар эвазига бўлсада, ғалабани ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлди.

Ўзига ўхшамаётган Италия
Одатда ҳимоявий тактик футбол билан кўпчиликни эътиборида бўлиб келаётган Италия чемпионати икки турки, бу номга бутунлай тескари йўлдан бормоқда. Масалан якшанба куни бир вақтда бўлиб ўтган учрашувда жами 18та гол киритилди. Шунга яраша, тўпурарлар пойгасидаги кураш янада қизиқарли кечмоқда.

Етакчи «Ювентус»ни эса ҳеч нарса қизиқтираётгани йўқ. Аллегри шогирдлари 1:0, ёки 2:0 каби ҳисоблардаги ғалабалар эвазига навбатдаги скудетто сари олға боришда давом этмоқда. «Рома» ва «Наполи» эса туринликларни илгарилаб кетиши учун йўл қўймасликка ҳаракат қилишмоқда. Бу ёқда «Интер» ҳам яна ўзининг ғалабали юришини қайтадан бошлаган.

Италиянинг қуйи дивизионида ҳам этиборга молик воқеалар содир бўлиб турибди. Мисол учун ҳафта охирида «Перуджа» футболчиси киритган гол йилнинг энг чиройлиси бўлишга даъвогарлик қилиши шубҳасиз.

Ўша ўша «немис машинаси»


Германияда эса «Бавария»дан ҳамма етакчилар очко йўқотди. Мюнхенликлар сўнгги дақиқаларда ўз вақтида «немис машинаси» бўлганини эслаб қолишди.

«Лейпциг» ўз уйида аустайдердан йирик ҳисобада мағлуб бўлди. «Боруссия» меҳмонда ютқазди. «Ҳоффенҳайм» эса «Вольфсбург»да мавсумдаги иккинчи мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Энди «Бавария»нинг чемпионлигига халақит берадиган жамоа деярли қолмади.

Гол уришдан чарчамаётган «Монако»
Францияда эса ҳаммаси ўз ўрнида давом этмоқда. «Монако» рақибларига истаганча гол уряпти, «ПСЖ» ва «Ницца» эса уларни изма-из таъқиб қилишда давом этмоқда. 

Бир сўз билан айтганда уик-энд воқеаларга бой бўлди. Жорий ҳафтадан бошлаб эса нафақат уик-энд, ҳафта ўртаси ҳам футбол байрамига айланиши кутилмоқда. Сабаби Европада чемпионлар лигаси плей-офф босқичи старт олмоқда. Tribuna.Uz уларни ёритишда, энг муҳим воқеалар, натижалар, видеоларни эътиборингизга ҳавола этишда давом этади.