АҚШ ҳукумати ҳозирда Индонезияда бўлиб турган мьянмалик роҳиня мусулмон-қочқинларига бошпана беради. The Jakarta Post газетасининг ёзишича, Америка бош консуллиги вакиллари ҳамда БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси ходимлари Ачех вилоятида бир неча учрашув ўтказган. 

АҚШнинг Медан шаҳридаги бош консули Жуха Салиннинг сўзларига кўра, "қочқинларнинг кириш ҳужжатларини тўлдириш ишлари жадвал асосида олиб борилмоқда". Шунга қарамай, у Қўшма Штатлар неча кишини қабул қилишига ойдинлик киритмаган. Айни пайтда, Индонезияда 800 нафарга яқин роҳиня мусулмонлари кун кечирмоқда. Уларнинг барчасига БМТ дастури доирасида қочқин мақоми берилган. 

Ушбу этник миллат вакиллари Мьянма шимолидаги Ракхайн штатида истиқомат қилиб келади. Бу ерда роҳиня ва буддавийлар ўртасида доимий равишда тўқнашувлар бўлиб туради. Бир неча ой муқаддам, мамлакат шимолидаги вазият кескин ёмонлашди. Номаълум кимсаларнинг назорат-ўтказув постларига ҳужум қилиши оқибатида 9 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Шундан сўнг, мамлакат қуролли кучлари штат ғарбида ҳарбий амалиётлар ўтказиб, 86 нафар роҳиня мусулмони ўлдирилган, 65 минг нафари ўз уйларини тарк этиб, қўшни Бангладешга қочишга мажбур бўлган эди. 

Мьянма ҳукумати ўнлаб йиллардан бери роҳиняларни мамлакат фуқаролари деб тан олмайди. Уларни бангладешлик ноқонуний муҳожирлар, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, "роҳиня" сўзининг ўзи расман ҳеч қаерда қўлланилмайди.