ОПЕК ташкилотга кирмайдиган давлатлардан нефть қазиб олиш ҳажмини амалдаги келишувлар асосида фаолроқ қисқартириб боришни сўрайди. Бу ҳақда Кувайт нефть вазири Эссам ал-Марзуқ маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ОПЕК мамлакатлари айни дамда қазиб олиш ҳажмини 92 фоизга камайтириш бўйича келишувга амал қилаётган бўлса, ташкилотга кирмайдиган давлатларда бу кўрсаткич – 50 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

"Нефть нархлари ҳозирда яхши даражада ҳамда келишувга амал қилиш ҳажми ошса, янада қимматлашади. Битим ОПЕК ва ташкилотга кирмайдиган давлатлар томонидан декабрда имзоланганди", - дея Кувайт нефть вазирининг сўзларини келтиради Блумберг агентлиги. Ал-Марзуқнинг таъкидлашича, Кувайт қазиб олиш ҳажмини камайтириш бўйича келишувнинг унда иштирок этаётган давлатлар томонидан 100 фоизга бажарилишини истамоқда.

ОПЕК 30-ноябрь куни қазиб олиш ҳажмини бир кунга 1,2 миллион баррелга – 32,5 миллион баррелгача камайтириш ҳақида келишувга эришди. Ташкилотга кирмайдиган мамлакатлар 10-декабрь куни ўзларининг қазиб олиш ҳажмларини умумий ҳисобда суткасига 558 минг баррелга қисқартириш ҳақидаги битимга эришдилар. 

Халқаро энергетик агентлик жума куни ОПЕК январда ўзининг нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 1 миллион баррелга – умуман эса суткасига 32,06 миллион баррелга қадар қисқартирганини маълум қилди. Агентликнинг таъкидлашича, келишув кучга кирганининг бир ойи давомида унинг 90 фоизи бажарилган.