«ПСЖ» жамоаси бош мураббийи Унаи Эмери Чемпионлар лигасининг 1/8 финали доирасида «Барселона»га қарши кечадиган учрашув олдидан фикрларини билдириб ўтди.

Жамоаларнинг биринчи учрашуви 14 февраль куни Парижда бўлиб ўтади, ўйин Тошкент вақти билан 15 февралга ўтар кечаси, соат 00.45да бошланади.

«Барча яхши биладики, «Барселона» кўп нарсаларга қодир. Биз уларнинг ўйини яхшилаб ўрганиб, таҳлил қилиб чиқдик. Ишонаманки, улар ҳам ўйинга шундай тайёргарлик кўришган. Бизнинг мураббийлар штабимиз тактик режалар устида ишлаш учун кўп вақт сарфлади. 

Ҳозирда «ПСЖ»нинг ҳолати ажойиб. Ўйлайманки, бизда тарих яратишга қодир бир қанча футболчилар бор. «Барселона»га қарши ўйинда биз жамоанинг неларга қодирлигини кузатамиз. 

Чемпионлар лигаси – катта турнир, биз бу турнирда ғолиб чиқишни истаймиз. Биз жаҳоннинг энг кучли жамоаларига қарши кураш олиб боришни истаймиз. Мен ўз футболчиларим кучига ишонаман. Албатта бизга бу ўйинда қийин бўлади, аммо «Барселона»га ҳам осон кечмайди бу ўйин», – дея испаниялик мутахассиснинг сўзларини келтирган Goal.