Россиянинг Подольск шаҳрида 11-февраль куни даҳшатли фожиа юз берди. Лайф нашри Москва вилоятидаги “Витязь” болалар-ўсмирлар мактабида рўй берган бу ҳодиса юзасидан мақола чоп этди.

Маълум бўлишича, 14 ёшли Илья С. биринчи таркибга ўтказилган ҳамда бу жамоадошларининг норозилигига сабаб бўлди.

- Илья меҳнатсевар бола эди, - деди ҳаётдан кўз юмган боланинг дўсти. – У мураббий айтган барча ишни бажарарди. Жамоадошлари эса у мураббийга яхши кўриниш учун шундай қилади, деган фикрда бўлишган. Аммо ҳар бир ўйинчи учун мураббийнинг сўзи – қонундир. У вафот этган куни биринчи таркибга ўтказилганди. Ечиниш хонасида эса бундан хафа бўлган болалар уни кутиб туришган...

Станислав Я. биринчи бўлиб муштлаша бошлади. Улар ерга йиқилиб тушишди... Сўнгра Иван Ч. чопиб келди. Айнан шу бола икки ёшга каттароқ эди. У хоккей билан бир вақтда бокс билан ҳам шуғулланарди. Қандай муштлашишни биларди. Иван Ильяга икки бор оёғи билан зарба берди. Бир марта югуриб келиб урди...

Менга маълум бўлишича, Ильяда тахминий маълумотларга кўра, қовурғалари синган ва ўпкаси лат еган. Бундай ёшда икки йилга каттароқ бўлиш катта аҳамиятга эга.

“Витязь” мактаби ва мураббий Курочкиннинг фикрича, бола машғулотдан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган ҳамда йиқилиб, ўриндиққа қулаган, шундан сўнг бош жароҳатини олган.

Илья С. яхши оилада тарбия кўргани хабар қилинмоқда. Улар аввалига Санкт-Петербургда яшашган. Илья у ерда СКА хоккей мактабида шуғулланган, кейин эса ўзи Подольскка кўчиб ўтиш ҳамда “Витязь” мактабида ўйнаш истагини билдирган. Бола Петербург клубида мураббийи билан тушунмовчиликка дуч келган.

Айни дамда ҳодиса юзасидан терговга қадар бўлган текширув ўтказилмоқда. Экспертиза натижалари яқин кунларда маълум бўлади.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу мураббий Курочкин жамоасида бир йил давомидаги иккинчи ўлим ҳолатидир. Бунга қадар ёш хоккейчи бошига теккан шайбадан ҳалок бўлганди.