Ўзбекистондаги компаниялардан бири «Капля» ва «Капля spry» савдо белгиларини ўзлаштириб олишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилган.

Шампун ва ювиш воситалари билан шуғулланадиган, Ўзбекистон ва Афғонистон бозорида ўз ўрнига эга бўлган «BUMA» МЧЖ қўшма корхонаси цехларида «Капля» ва «Капля spry» савдо белгилари остида идиш ювиш воситалари ишлаб чиқарилади. Бу қонунчилик асосида иш олиб борадиган, давлат рўйхатидан ўтказилган компания ҳисобланади.

Аммо бу савдо белгиларидан «Sano Technology» МЧЖ ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланган. «BUMA» МЧЖ бу ҳолат юзасидан мурожаат қилгач, рақобат қонуни бузилгани бўйича иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш давомида махсус комиссия «Sano Technology» МЧЖ томонидан содир этилган ҳаракатларда рақобат қонунларига амал қилинмагани бўйича хулоса чиқарилди ва бу савдо белгисидан фойдаланишни тўхтатиш буйруғи берилди. Иш материаллари «Sano Technology» МЖЧга маъмурий жавобгарлик қўлланиши сўралиб, жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

Маълумот учун, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13- моддасига мувофиқ, юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда товарни реализация қилиш инсофсиз рақобат ҳисобланади ва қонун билан таъқиқланади.