11-12 февраль кунлари Россиянинг Подольск шаҳрида юнон-рум кураши бўйича Европа чемпиони В. Ивлев соврини учун IX Халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда асосан Россия, Қозоғистон, Беларусь ҳамда ўзбекистонлик полвонлар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси саккиз нафар курашчи билан иштирок этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

59 кг вазн тоифасида Феруз Тўхтаев, 66 кг вазнда Данила Морозов ва Нурбек Ўктамов, 80 кг вазн тоифасида Жонибек Отабеков, 85 кг вазнли спортчилар баҳсида Рустам Султонов, 98 кг вазн тоифасида Жаҳонгир Турдиев ва Икром Ибрагимов, шунингдек, ўта оғир, яъни 130 кг вазн тоифасида Аббос Ибрагимовлар Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишди. 

Мусобақада Феруз Тўхтаев барча рақибларини мағлуб этиб, якунда олтин медаль соҳибига айланди. Жонибек Отабеков эса кумуш медалига сазовор бўлди. Бундан аввалроқ ушбу полвон Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритганди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Россиядаги турнирни битта олтин ва битта кумуш медали билан якунлади. 

Энди эркин ва юнон-рум курашчиларимиз Туркияга йўл олишади ва мавсумнинг навбатдаги халқаро мусобақасида иштирок этишади. Истанбулда ташкил этиладиган турнир 3-5 март кунлари юнон-рум кураши вакиллари иштирокида бўлиб ўтса, 10-12 март кунлари эркин курашчиларимиз гиламга чиқадилар.