15 февраль куни соат 11:00да Чирчиқда афғон уруши қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорликнинг расман очилиш маросими ўтказилади.

Маросим учун бу куннинг танланиши тасодифий эмас. 15 февраль куни Афғонистондан совет ҳарбийлари олиб чиқилганига 28 йил тўлади. 1989 йилнинг 15 февралида совет ҳарбийларининг охирги гуруҳи Афғонистонни тарк этганди ва 10 йил давом этган уруш якунланганди. Собиқ Иттифоқ бу урушда 15 минг ҳарбийсини йўқотган.

Расмий маълумотларга кўра, 1979-1989 йиллар мобайнида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда Ўзбекистондан 65 минг ҳарбий иштирок этган, улардан 1512 нафари ҳалок бўлиб, 2,5 мингга яқин аскарлар ва зобитлар ватанга ногирон бўлиб қайтган.