АҚШ ҳукумати Венесуэла вице-президенти Тариқ Ал Айсамийни ўзининг санкциялар рўйхатига киритди, деб хабар қилмоқда Америка молия вазирлиги. Венесуэла вице-президентига нисбатан санкциялар сиёсий мазмунга эга эмас, балки унинг гиёҳванд савдосига алоқадорлигига доир гумонлар билан боғлиқ, деган АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимли мулозими. 

"Қуйидаги шахс АҚШ молия вазирлигининг хорижий активларни назорат қилиш бўйича бўлими рўйхатига киритилган: Тариқ Ал Айсамий", — дейилади хабарда. Венесуэла вице-президентининг барча активлари музлатилган, унинг АҚШга кириши тақиқланган. "Бу Венесуэлага сиёсий, иқтисодий ёки дипломатик ишора эмас. Бу гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашдир”, — деган Америка маъмуриятидаги манба. Унинг қайд этишича, 1999 йилда қабул қилинган қонун доирасида 2 мингга яқин кишига нисбатан шу каби санкциялар қўлланилган. 

Унинг сўзларига кўра, санкцияларни киритишга бир неча йил мобайнида олиб борилган суриштирув ишлари натижаси сабаб бўлган. Бундан ташқари, яна 13 компания ҳам ушбу рўйхатга киритилган. АҚШ молия вазирлиги тарқатган ҳужжатда компанияларнинг Американинг Флорида штати, Венесуэла, Буюк Британия, Панама ва Виржин оролларида рўйхатдан ўтгани таъкидланган. 

Венесуэла президенти Николас Мадуро 2017 йил январь ойи бошларида 42 ёшли губернатор Тариқ Ал Айсамийни вице-президент лавозимига тайинлаган эди. У давлат раҳбари истеъфога чиққудек бўлса, 2017-2018 йиллар оралиғида президент лавозимини эгаллаши керак. 

Америка томонига кўра, ички ишлар ва адлия вазирлиги раҳбари ҳамда Арагуа вилояти ҳокими бўлган Ал Айсамий авиабазалар ва денгиз портлари орқали "Венесуэлада гиёҳванд моддаларни юборган".