Туркиянинг Анталия шаҳрида турк фуқароси Россия фуқароси бўлган ўзининг рафиқаси ва икки фарзандини ўлдирди. Бу ҳақда Россиянинг Анталиядаги бош консуллиги вакилига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

"Биз ОАВнинг Россия фуқароси ва унинг икки фарзанди – бир қиз ва ўғил боланинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарини тасдиқлаймиз. Қотил ўз жонига қасд қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жиноят маиший сабаб юз берган", деб айтилган бош консуллик хабарида.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Туркия фуқароси Муаммар Гун ўзининг ўғли Виктор ва қизи Лайлони ширинликка пестицид моддаси қўшиб, заҳарлаб, сўнгра Анна исмли рафиқасини милтиқдан отиб ўлдирган.

Сўнгра қотил полицияга қўнғироқ қилиб, бўлган воқеа ҳақида хабар берган ва ўзини ҳам ўлдирган.

Воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда.