Япониянинг Иокогама шаҳридаги маориф ишлари бўйича кенгаш 13 ёшли ўқувчи синфдошларига катта миқдордаги пул маблағларини уни таҳқирлашганидан сўнг берганини тасдиқлади. Бу ҳақда The Japan Times хабар бермоқда.

Январда амалдорлар пул тўловлари тенгдошларининг унга нисбатан бўлган шафқатсиз муносабати билан боғлиқлигини аниқ айта олишмаслигини маълум қилишганди. Душанба куни кенгаш раҳбари Юко Окада матбуот анжуманида расман узр сўради ҳамда ўз фикрини ўзгартиргани ҳақида маълум қилди.

Номи ошкор этилмаётган бошланғич мактаб ўқувчисини унинг оиласи Фукусима префектурасидан кўчиб ўтганидан сўнг камсита бошлашган. Оила 2011 йилги зилзила ва “Фукусима-1” АЭСдаги фалокат туфайли яшаш жойини ўзгартиришга мажбур бўлган. Қариндошларнинг маълумотига кўра, ўқувчи ўз синфдошларига ҳаммаси бўлиб 1,5 миллион иена маблағни бериб юборган.

Аниқланишича, бола синфдошларига бешинчи синфдаги дарслар вақтида пул тўлаган, у бу ишни камситишларга учрамаслиги учун қилган. Синфдошлари эса ундан оиласи Фукусимадаги воқелардан товон пули олган бўлиши мумкин, деб маблағ сўрашган.

Ўтказилган суриштирувда бошқа таҳқирлаш ҳолатлари ҳам аниқланди. Масалан, болани “микроб” ёки “бактерия” деб аташиб, бунда радиоактив заҳарланишни назарда тутишган. Бу воқеалар 2011 йилда рўй берган, бироқ ўқувчининг ота-онаси полицияга фақатгина 2014 йилда мурожаат қилди.

Япония таълим, маданият, спорт, илм-фан ва технология вазирлиги маълумотига кўра 2015-ўқув йилида тахминан 225 минг бола ўз синфдошлари томонидан камситилган. Ҳолатларнинг аксарияти бошланғич мактабларда юз берган.