«Рома» жамоаси бош мураббийи Лучано Спаллетти «Арсенал» бошқарувига келиши мумкин. Бу ҳақда Италиядаги нашрлар хабар тарқатишди.

Аsromalive.it хабарига кўра, «Арсенал» Арсен Венгер билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилган ва унинг ўрнига муносиб номзод қидирмоқда.

Бундан олдинги хабарларда, лондонликлар жамоаси раҳбарияти Массимилиано Аллегри («Ювентус»), Леонарду Жардим («Монако») ва Томас Тухель («Боруссия» Дортмунд) номзодларини кўриб чиқаётгани айтилганди. Энди уларнинг қаторига Спаллетти ҳам қўшилган.

Ундан олдинроқ «Рома» билан амалдаги шартномаси муддати шу йилнинг ёзига қадар бўлган Спаллетти янги мавсумда «Интер» ёки «Ювентус»да иш бошлаши мумкинлиги айтилганди.

Венгернинг шартномаси муддати ҳам шу мавсум охирига қадар бўлиб, мутахассиснинг ўзи ҳам бу шартномани узайтиришни истамаяпти.