Чехия президенти Милош Земан 14 февралда жамоат жойларида чекишни тақиқловчи қонунни имзолади. Ҳукумат томонидан тайёрланган ва парламентнинг иккала палатаси томондан маъқулланган қонун 31 майдан кучга киради, деб хабар бермоқда Чехия телевидениеси. 

"Президент аввал бу қонунни танқид қилиб, "беъмани" деб атаганди. Бироқ у журналистларга қонунга тақиқлов қўймаслигини, чунки бундай ҳолатда манфаатлар зиддияти юзага келиши мумкинлигини айтган, чунки Земаннинг ўзи яхшигина кашанда", дейилган хабарда. 

Янги қонунга кўра, жамоат жойларида ҳамда қисман шаҳар транспорти бекатларида чекиш тақиқланади. Мактаблар, шифохоналар ва савдо марказларида электрон сигаретлар чекиш тақиқланади. Бундан ташқари, болалар ва спорт муассасалари яқинида сигарет, жумладан электрон сигарет, спиртли ичимликлар сотиш ҳам тақиқланади.

Қонун шу билан бирга бу қоидаларни бузганлик учун жазолар кучайтирилишини белгилайди. Жумладан, 18 ёшга тўлмаган болаларга сигарет сотганлик учун савдо муассасаси раҳбари 2 млн крон (80 минг долларгача) жаримага тортилиши мумкин. 

Яна бир ашаддий кашанда – парламентнинг юқори палатаси раҳбари ўринбосари Ярослав Кубера эса янги қонун устидан Конституцион судга шикоят қилмоқчи.