Буюк Британиянинг авиадвигателлар ишлаб чиқарувчи Rolls-Royce компанияси 2016 йилда 4,6 млрд фунт стерлинг (5,7 млрд доллар) миқдорида рекорд даражада зиён кўрди. Бу ҳақда компания хабарида маълум қилинди.  

Компаниянинг солиқ тўлагунгача даромади 49 фоизга, яъни 4,64 млрд фунт стерлинггача тушиб кетган. Шу билан бирга тушум 9 фоизга ошган ва 14,96 млрд фунт стерлингни ташкил қилган. Компания молиявий йўқотишларига британ фунти курсининг Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши ортида қадрсизланиши ва компания ўтган йили аралашиб қолган коррупцион можаро учун тўлаган жаримаси сабаб бўлган.

Аввалроқ Британия ҳукумати Rolls-Royce’ни коррупцияда айблаганди – компания 12 та мамлакатдаги давлат энергетика компанияларидаги мансабдор шахсларга пора бериб келган. Компания бу қилмиши учун кечирим сўраган ва ушбу иш бўйича 5 йил аввал тергов бошлаган Буюк Британия, АҚШ ва Бразилияга 830 млн доллар жарима тўлаб беришга рози бўлган. 

Rolls-Royce жаҳонда бозордаги улуши бўйича авиадвигателлар ишлаб чиқарувчи иккинчи рақамли компания ҳисобланади. Бу компания Rolls-Royce автомобилларини ишлаб чиқарувчи компания билан боғланмаган. Бу икки компания 1971 йилда ажралган. Ҳозирда Rolls-Royce автомобиллари BMW компаниясининг шундай номдаги бўлими томондан ишлаб чиқарилади.