Буюк Британия 2020 йилга қадар 20 минг қочқинларни қабул қилиб олади. Уларнинг тахминан ярми болалардан иборат, деб маълум қилди Британия бош вазири канцелярияси расмий вакили.

Аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячилари ва Британияга келишни истовчи Яқин Шарқ мамлакатлари фуқаролари манфаатини ҳимоя қилувчилар ҳукуматни қочқин-болаларни атайин қабул қилишни истамаётганликда айблаганди. Юристлар декабрда Франциядаги лагерда Британияга боришни кутаётган қарийб 1900 нафар бола ва ўсмир истиқомат қилаётганини маълум қилганди. Бирлашган Қироллик ҳозирга қадар 750 нафар болани қабул қилиб олди. Ҳимоячиларнинг фикрича, мамлакатга кириш ва унда яшаш ҳақидаги илтимос билан чиққан бир неча юзлаб кишилар мурожаати рад этилган.

"Фақатгина ўтган йилда турли мамлакатлардан бўлган саккиз мингга яқин болани қабул қилдик. Британия қочқинларни қабул қилмоқда ҳамда уларга мамлакатда саккизта турли тизим орқали қолиш имконини беради. Улардан бири ёрдамга муҳтож Сурия фуқароларига тегишли бўлиб, у бўйича 4,5 минг инсон қабул қилинди ҳамда уларнинг ярми болалардан иборат. Биз бу тизим бўйича 2020 йилгача умумий ҳисобда 20 минг кишини қабул қилиб оламиз. Бошқа тизим эса Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларига тегишли. Унинг доирасида уч минг бола қабул қилинади", - дея айтиб ўтган бош вазир канцелярияси вакили.

Унинг сўзларига кўра, фаоллар ва ОАВлари ҳукуматни айблай туриб, Британия Яқин Шарқдаги можаролардан азият чеккан инсонларга қанчалик кўп ёрдам берганини эсдан чиқармоқда.

"Амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра, биз маълум бир миқдордаги болаларни қабул қилишимиз мумкин. Биз маҳаллий ҳукуматлар билан маслаҳатлашувлар ўтказдик ҳамда уларнинг бизга маълум қилишича, бу аниқ схема орқали 350 нафар болани қабул қилиб олишлари мумкин экан. Бироқ бу якуний рақам эмас... Ишлашда давом этамиз. Биз ўтган икки ҳафта давомида болаларни қабул қилишда давом этдик ҳамда Британияда 300 нафар кишини жойлаштирдик", - деган вазирлар маҳкамаси вакили.

Унинг таъкидлашича, Буюк Британия Европадаги қочқин-болаларга ёрдам жамғармасини ташкил этиб, унга 10 миллион фунт стерлинг маблағ ажратди.

"Энг яхши иш кишиларни уларга хавф туғдирувчи ҳудудлардан олиб чиқиб кетишдир. Шунинг учун биз Сурия билан чегарадаги лагерларда бўлган қочқинларни олиб кетмоқдамиз", - деди у.