Чехияда айни дамда ишсизлик даражаси Европа Иттифоқидаги энг паст даражада – 3,5 фоиз. Бу иқтисодиётдаги муаммоларга олиб боради, сабаби фирма ва корхоналарга ишчилар етишмаяпти, деб хабар берди Праганинг Novinky портали соҳа мутахассисларига асосан.

"Фирмалар кўп ҳолларда малакали ва малакаси бўлмаган ишчилар етишмовчилиги ҳақида шикоят қилмоқда. Бу саноат ўсишига катта тўсиқ бўлиши мумкин", - дея маълум қилган ЧСТБ банки иқтисодчиси Петр Дуфек.

Eurostat статистик агентлиги маълумотларига кўра, Чехияда ишсизлик даражаси 2017 йилнинг январь ойи бошларида 3,5 фоизни ташкил этди. ЕИда ушбу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринни Германия - 3,9 фоиз, учинчи поғонани эса Венгрия ва Мальта эгаллаган – 4,5 фоиз.

Республика иқтисодий палатаси тадқиқотига кўра, ҳозирда ишчи кучи бозорида камида 150 минг киши етишмаяпти, шу сабабдан юзлаб фирма ва корхоналар янги буюртмалардан воз кечишга мажбур бўлмоқда. Шу билан бир қаторда, меҳнат биржасида рўйхатдан ўтказилган ишсизларнинг 400 минг нафаридан кўпчилиги ўз малакасини йўқотган бўлса, бошқалар бунга ҳеч қачон эга бўлмаган.

"Натижада (400 минг ишсиздан) мамлакатнинг саноат корхоналари йўқ бўлган қисмларида яшовчи 50 минг инсон қолади. Бу кишилар иш учун кўчиб кетишни исташмаяпти. Ҳукуматнинг куни кеча Украина фуқаролари учун иш квоталарини бир неча мингга оширгани эса – бу ишлаб чиқаришга ҳеч қандай ёрдам бермайди", - дея маълум қилди Чехия экспортчилари ассоциацияси раҳбари ўринбосари Отто Данек.