Сурия ҳукумати томонидан эълон қилинган авфнинг умумий доирасида Дамашқ яқинидаги Шарқий Ғута туманида жангариларнинг таслим бўлишлари учун махсус пунктлар очилмоқда. Бу ерда бир неча йиллар мобайнида аёвсиз жанглар бўлган, дея журналистларга маълум қилган Россиянинг Суриядаги можароли томонларни яраштириш маркази офицери Александр Блинков.

"Ҳозирда биз жангариларнинг гуманитар йўлаклардан чиқишига доир музокаралар олиб боряпмиз. Жангарилар ўзларининг ҳуқуқий мақомларини тартибга солишни хоҳлаётганига оид хабарлар бор. Бундан ташқари, Сурия Араб Республикаси президенти Башар Асад амнистия қарори муддатини 2017 йил 30 июнига қадар узайтирди", - деган Блинков. 

Шарқий Ғута – Дамашқ шаҳри атрофидаги ҳудудлар ҳисобланади. У Сурия пойтахтини шарқ, жануб ва ғарбдан қуршаб олувчи Ғута воҳасининг бир қисмидир. Фуқаролик урушига қадар бу ерда 2,2 млнга яқин киши истиқомат қилган. 

2011 йили ҳудудни Сурия мухолифатининг бир неча қуролланган гуруҳлари эгаллаб олган эди. Дамашққа яқинлиги сабабли Сурия инқирози давомида бу ерда оғир ҳарбий техникалардан фойдаланилган ҳолда аёвсиз жанглар давом этди. 

2015 йил кузида ҳукумат қўшинлари Дамашқнинг шарқий туманларига ҳужум қилишни бошлади ва бир йилдан ортиқ давом этган жанглар 2016 йил охирида поёнига етди.