Россиялик аралаш йўналишлар (ММА) бўйича жангчи Федор Емельяненко Bellator ташкилоти билан шартномаси муддати якунига етгач, фаолиятини якунлашни режалаштирмоқда. Спортчининг сўзларини MmaMania портали келтирган.

Ноябрь ойида 40 ёшли россиялик спортчи Bellator билан бир неча жангга шартнома имзолаганди. Емельяненко ушбу ташкилот доирасидаги кейинги жангини 18-февраль куни америкалик Мэтт Митрионга қарши ўтказади.

"Мен фаолиятимни Bellator’да якунлашни хоҳлардим, - деди Емельяненко. – Шартномамда белгиланган бандлар бўйича ишлашни истайман. Кишилар билан муносабатлар мен учун ҳар доим катта аҳамиятга эга бўлиб келган ҳамда Скоот Кокер (ташкилот раҳбари) билан муносабатларимизни жуда қадрлайман".

2015 йилнинг 14 июль куни Емельяненко фаолиятини тиклагани ҳақида маълум қилди. У ўтган йилнинг 31 декабрь куни Япониянинг Сайтамидаги жангда ҳиндистонлик Жайдип Сингхни, 2016 йилнинг 17-июнь куни эса Санкт-Петербургда бразилиялик Фабио Мальдонадо устидан ғалаба қозонди. Емельяненко MMA’да умумий ҳисобда 40та жанг ўтказган (35 ғалаба, тўрт мағлубият, бир жанг шифокорнинг қарори билан тўхтатилган).