Мактаб ўқитувчиларининг интернет орқали боланинг уйда қандай шуғулланиши тасвирланган бир неча фотосуратларни юбориш ҳақидаги илтимоси ота-оналарнинг бироз тушунмовчилигига сабаб бўлди. Баъзилар бир неча кадрлар олиб, Telegram орқали синф раҳбарига юборишга рози бўлишган бўлса, бошқалар бу илтимосни шахсий ҳаётга аралашув, деб қабул қилишди.

Халқ таълими вазирлигининг аниқлик киритишича, ўқитувчиларнинг мактаб ўқувчиси уйидаги дарс тайёрлайдиган жой суратини тақдим этиш ҳақидаги илтимоси фақатгина ижобий мақсадни назарда тутган. Шу тариқа синф раҳбарлари боланинг шуғулланиши учун шароитлар бўлмаган оилаларни аниқламоқчи экан. Яъни, балки болада ёзув столи йўқдир ёки стул, керакли ўқув дарсликлари ва канцелярия анжомлари етишмовчилиги кузатилаётгандир...

"Ўқитувчилар ўз ўқувчиларининг яшаш шароитларини кўнгилли тартибда сўровдан ўтказмоқда. Улар ота-оналардан бола шуғулланадиган жой суратини тақдим этишни сўрашмоқда. Албатта, ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламайди. Агарда ота-оналар бу уларнинг шахсий ҳаётига аралашув деб қабул қилишса, улар ўқитувчига суратларни бермасликка ҳақлари бор. Бироқ бундай тадбирлар ёрдамга муҳтож болаларни аниқлаш ва улар учун манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида амалга оширилмоқда", - дея аниқлик киритишган Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматида.

Вазирликда таъкидлашларича, муҳтожларга манзилли ёрдам Президент томонидан қабул қилинган мамлакатни ривожлантириш Стратегиясида ҳам назарда тутилган. Шу тариқа, яшаш ва дарс қилиш шароити яхши бўлмаган болаларни аниқлаган ўқитувчилар рўйхатни туман ҳокимиятлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига берилади. Кейинчалик эса бу болалар ва уларнинг оиласига қандай қилиб ёрдам бериш масаласи ҳал этилади.

Таъкидланишича, фотосуратларни тақдим этиш кўнгилли асосда рўй бериши керак. Агарда таълим муассасаси вакиллари болалар ёки ота-оналарга босим ўтказса, улар Халқ таълими вазирлигининг 1006 рақамли ишонч телефонига ёки вазирнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилишлари мумкин.