Янги йилнинг илк соатларида Истанбул шаҳридаги Ўртакўча туманида жойлашган Reina тунги клубига Калашников автомати билан бостириб кириб, одамларни ўққа тутган Абдулқодир Машарипов судда ўзига ўлим ҳукми чиқарилишини сўради.

Sabah нашрининг ёзишича, Машарипов Абу Жиҳод исмли шахсдан Истанбулда теракт содир этиш кўрсатмасини олган. У бу шахс билан ҳеч қачон учрашмаганини ҳам айтган. Бу шахс хабарчилар орқали у яшайдиган жойга автомат, 6та ўқдон ва 3та қўл гранатаси етказган.

«Мен ИШИД аъзосиман, менинг мақсадим христианларни ўлдириш эди. Абу Жиҳод айтгандики, улар Тақсим майдонига йиғилишни режалаштиришганди», – деган Машарипов.

Аммо 31 декабрь куни Тақсим майдонида хавфсизлик чоралари юқори даражада бўлиб, ҳудудда жуда кўп полициячилар тўпланганди. Шундан сўнг Машарипов Жиҳоддан Reina клубига бориш тўғрисида кўрсатма олади.

«Мен клубга кириб, йўлимда учраган одамга ўқ уздим, қочаётганларни ўққа тутдим, граната отдим, гранаталардан бирини бошим олдида портлатиб юбордим, аммо бу шунчаки шовқинли граната бўлиб чиқди ва мен ўлмай қолдим. Мени ўлим жазосига ҳукм қилишса яхши бўларди, чунки мен ўшанда клубга ўлимимни бўйнимга олиб боргандим», – деган Машарипов. 

Маълумот учун, Туркияда ўлим жазоси бекор қилинган.

У шунингдек, оммавий қотилликни амалга ошириб бўлгач, клубдан ҳеч қандай қаршиликсиз чиққанини маълум қилган. У қуроллар ва кийимларининг бир қисмини ичкарида қолдирган, граната портлаши туфайли олинган кичик жароҳатлар ва юзига қон сачрагани учун полициячилар уни жабрланувчи сифатида ўтказиб юборишган. Тартибсизлик вақтида полициячилар уни клуб ташқарисидаги йўлакда назоратсиз қолдиришган. Машарипов эса у ердан пиёда жўнаб кетган ва кейинроқ такси тўхтатиб, Истанбулнинг бошқа ҳудудидаги уйига етиб олган.

Sabah нашрининг қайд этишича, Машарипов қилмишидан пушаймон эмас ва ўз ҳаракатини мусулмонларнинг христианлардан қасос олиши деб билади. Суддаги шундай кўрсатмасидан кейин 11 февраль куни ушбу террорчини ҳибсга олиш қарори чиқарилди. Айни вақтда у Истанбулдаги Силиври қамоқхонасида ва суд иши якунини кутмоқда.

Асли ўзбекистонлик бўлган Машарипов 1 январга ўтар кечаси автомат билан қуролланган ҳолда Reina тунги клубида қирғин уюштирди: унинг ҳужуми оқибатида 39 киши ҳалок бўлди, шундан 16 нафари хорижлик эди, улар орасида Саудия Арабистони, Марокаш, Иордания, Ливан, Ливия, Исроил ва Россия фуқаролари бор эди. ИШИД ушбу хунрезлик учун масъулиятни ўз зиммасига олди. 16 январь куни Машарипов қўлга олинган квартирада унга ташкилот томонидан теракт ижроси учун тўланган 200 минг доллар ҳам топилди.