«Наполи» дарвозабони Пепе Рейна «Реал» ҳужумчиси Лукас Васкес томон илиқ сўзлари ва мақтовларини билдириб ўтди. Рейнадан ЕЧЛ доирасидаги учрашув арафасида журналистлар «қаймоқранглилар» жамоаси сафидаги Криштиану Роналду, Карим Бензема ва Гарет Бэйл каби футболчилардан қайси бирини хавфлироқ деб ҳисоблашини сўрашган.

«Роналду, Бензема ёки Бэйлми? Мен эса Васкесни кўпроқ ҳурмат қиламан. Лекин «Реал»нинг ҳар бир футболчиси ҳурматга лойиқ. Улар исталган вақтда ўйин жараёнини ўзгартира оладиган қобилиятга эга. Бу гап фақат ҳужум чизиғи вакиллари ҳақида эмас. Бу иш қўлидан келадиган футболчилар талайгина: Рамос, Модрич, Кроос, Касемиро, Марсело, Карвахаль… Бу шундай кучли жамоаки, бир футболчини алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин», — дея Рейнанинг сўзларини келтирган AS.

«Реал» ва «Наполи» ЕЧЛнинг 1/8 финали доирасида тўқнаш келган. Жамоаларнинг биринчи учрашуви 15 февраль куни Мадридда, жавоб ўйини эса 7 март куни Неаполда ўтказилади.