Nokia брендига бўлган ҳуқуққа эгалик қилувчи Финляндиянинг HMD Global компанияси Nokia 3310 афсонавий телефонининг замонавий нусхасини тақдим этди. Бу ҳақда гаджетлар ҳақидаги инсайдерлик маълумотини тарқатиш билан машҳур бўлган блогер Эван Бласс айтиб ўтди.

Муаллифнинг VentureBeat порталида берган хабарига кўра, бу телефон MWC 2017 кўргазмасида намойиш этилиши режалаштирилган.

Телефоннинг ўзига хос жиҳатларига ойдинлик киритилмади, шунингдек моделнинг фотосурати ҳам йўқ, бироқ у тахминан 59 евро атрофида баҳоланиши хабар қилинган. Муаллифнинг фикрича, ўзининг чидамлилиги ва батареясининг қуввати билан танилган афсонавий телефонни мухлислар иккинчи телефон сифатида ишлатишлари мумкин.

HMD Global кўргазмада 3310’дан ташқари, Android’да ишловчи иккита смартфонни ҳам намойиш этади. Бласснинг хабар беришича, Nokia 3 ва Nokia 5 номига эга смартфонларнинг нархи мос равишда 149 ва 199 евро бўлади. Улар 2017 йилнинг 8-январь куни Хитой бозори учун тақдим этилган Nokia 6 смартфонидан ҳеч нимаси билан қолишмайди.

2016 йилнинг 13-декабрь куни Nokia иккита оддий тугмачали телефонни тақдим этганди. HMD Global янги моделларни арзон ва чидамли телефонлар деб таништирди.