КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг акаси Ким Чон Нам Малайзияда суиқасд қурбони бўлган. Бу ҳақда Жанубий Кореядаги Ёнҳап агентлиги хабар тарқатди.

Агентлик маълумотига кўра, Ким Чон Намга Куала-Лумпур шаҳри аэропортида заҳарли игна билан қуролланган икки аёл ҳужум қилган.

Агентлик полицияга асосланиб хабар беришича, шимолий кореяликлар етакчисининг акаси Куала-Лумпурда КХДР махсус хизматлари вакиллари томонидан йўқ қилинган, яъни ушбу қотиллик ортида КХДР ҳукумати турибди. Қотилликни содир этганлар воқеа жойидан яширинишган.

Малайзия полицияси Reuters агентлигига аэропортдан шифохонага кетишда бир киши жон берганини тасдиқлаган. Хавфсизлик хизмати ходимлари ҳозирча марҳумнинг шахсини тасдиқлашмаган.

«Википедия» маълумотига кўра, 1971 йилнинг 10 майида туғилган Ким Чон Нам КХДРнинг аввалги раҳбари Ким Чен Ирнинг никоҳсиз туғилган катта ўғли эди. Унинг онаси актриса Сон Хе Рим. У давлат раҳбари меросхўри сифатида қаралмаган, аммо у маълум вақт ҳукуматда юқори лавозимни эгаллаб турган. 2001 йилда у Японияга Доминиканнинг сохта паспорти орқали киришга ҳаракат қилганида қўлга олинган ва бундан икки давлат муносабатларида таранглик юзага келган, оқибатда у отасининг ғазабига учраган. 2011 йилда Ким Чен Ирнинг вафотидан кейин, янги ҳукумат Ким Чон Намнинг амакисини қатл қилди, шундан сўнг у мамлакатдан чиқиб кетган ва ватанга қайтиб келмаган.

2014 йилда уни Куала-Лумпурдаги ресторанлардан бирида кўриб қолишганди.