Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао Ўзбекистон Республикасига ташриф билан келади. Бу ҳақда Сенат мутбуот хизмати хабар берган.

13 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида Сенат раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори ўринбосари Хонг Вейни қабул қилди.

Бўлиб ўтган учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашишган.

Хонг Вей барча йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда ОТБ томонидан Ўзбекистонда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларини ва инфратузилмани модернизациялаш ҳамда ривожлантиришга доир стратегик дастурларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накаонинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширадиган ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам муҳокама этилган.