Сурияда тинчлик ўрнатишга қаратилган Остона музокараларининг навбатдаги босқичи иштирокчилари ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолатларини кузатиш ва уни бузганларга нисбатан санкцияларни муҳокама қилишади. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов маълум қилди.

"Гап, хусусан, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолларини қайд қилиш усули ҳамда ушбу тартибни бузганларга нисбатан санкциялар ҳақида бормоқда", - деб аниқлик киритган вазир. "Кафолат берувчи мамлакатлар (РФ, Туркия ва Эрон) маълумотларига кўра, улар бу ерда ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолларини қайд этувчи гуруҳни тузишни режалаштирган", - деган Абдрахманов.

Унинг айтишича, "Туркия томони тез орада ўз делегациси таркиби хусусида ахборотни тақдим этади". Қозоғистон ТИВ эса, "Сурия қуролланган мухолифати вакилларининг музокараларда иштирок этишига доир маълумотларни ҳам кутмоқда".

БМТ музокараларда беш нафар вакили билан қатнашади. Абдрахмановнинг сўзларига кўра, ҳозирча, АҚШ вакилларининг музокараларда иштирок этишига доир маълумотлар мавжуд эмас. У, шунингдек, Россия ва Сурия ҳукумат делегациялари етиб келганини тасдиқлаган. Эрон ва Иордания вакиллари ҳам келишган. 

Остонадаги музокаралар биринчи сафар бўлганидек, Rixos меҳмонхонасида ташкил этилади. Шу билан бирга, бу сафар ҳам икки томонлама ва кўп томонлама шаклда музокаралар бўлиб ўтади. ТИВ раҳбарининг қайд этишича, Остона учрашувлари  "Женева музокараларини бошлаш учун жиддий, тайёрлов босқичи бўлиб хизмат қилади. 

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Остонада Сурияда ўт очишни тўхтатиш тартибини кузатиш гуруҳининг биринчи учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда Россия, Туркия, Эрон, БМТ, Иордания вакиллари иштирок этганди. Бу гуруҳ 23-24 январь кунлари Остонада бўлиб ўтган Сурия инқирози бўйича музокараларда тузилган эди.